Эрта турмушга чиққанлар

bizerteturmush

Нигора Каримова ҳозир 19 ёшда. Бундан уч йил аввал яъни, 16 ёшга ҳам тўлмасдан турмушга чиққан. Ўртоқлари мактабда ўқиб юрганда у қайнона хизматини бошлаган. Орадан бир йил ўтиб ўғил кўрди. Ўғли дунёга келгунча куёви Россияга чиқиб кетиб, боласига туғилганлиги ҳақида гувоҳнома ола олмади.

«Биз турмуш қураётганда вояга етмагансан деб ЗАГСдан ўтказишмади. Кейин куёвим кетиб қолди. Ҳалигача қайтмади. Фарзандим туғилгандан кейин «ёлғиз она» деб боламга туғилганлиги ҳақида гувоҳнома олдик. Ҳозир  онамникидаман. Боламга алимент ҳам ола олмайман. Ишга кирай десам қўлимда бирорта ҳужжат йўқ. Ўзим ҳам, болам ҳам ота-онамнинг қарамоғидамиз»,-дейди Каримова

Эрта турмушга чиққанлар орасида ҳаёти изга тушиб кетганлари ҳам бўлса, Нигора каби нима қилишини билмай аро йўлда қолганлар ҳам бор. Ўзган район ФҲДЁ бўлимининг маълумотига кўра, қонунга мувофиқ никоҳ ёши 18 ёш деб кўрсатилгани билан, маълум сабабларда бу ёш 16 ёшгача қисқартирилиши мумкин. Бироқ шунда ҳам фуқаролар орасида турмуш қуришдан олдин никоҳ қоғози олганлардан кўра, гувоҳлар ёрдамида оталиқни аниқлаб, никоҳ қоғози сўнг, фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олаётганлар кўпчиликни ташкил этади.

«Шу йилнинг 5 ойини олиб кўрадиган бўлсак, Ўзган шаҳри бўйича 254 нафар фуқаро никоҳдан ўтган бўлса, бундан деярли икки ҳисса кўпи, яъни 478 нафар ёшлар оталиқни тасдиқлатишни сўраб мурожаат қилган. Кўп ёшлар турмуш қураётганда никоҳ қоғозига эътибор беришмайди. Бундан ташқари бизга келаётган ёшлардан маълумотини сўраганимизда 9-10 синфни битирганман, дейди. Ҳозирги ёшлар орасида билим олишга қизиққанлар сони озайиб бормоқда»,-дейди Ўзган шаҳар ФҲДЁ бўлимининг вакили Алиса Ташболот қизи.

Эрта турмушга чиққан ёшлар асосан ўз ҳуқуқларидан фойдаланишда қийналади. Шу билан бирга улар бола тарбиялашда уларни дунёга келтиришда ҳам бир қанча муаммоларга дуч келади. Ўзган шаҳар «Қизил ой» жамиятига йил бошидан бери 500 нафарга яқин киши мурожаат қилган бўлса, уларнинг асосий қисмини эрта турмуш қурганлар ташкил этади.

«Мана яқинда 15 ёшга кирган қиз мурожаат қилди. У ҳомиладор экан. Ёшлиги сабабли бир қанча касалликларга чалинган. 15 ёшли қиз ҳеч нарсани билмайди. Ўзини асрашни билмаган қиз эртага она бўлганда боласини қандай қарайди. Бундан ташқари бизга мурожаат қилган аёллар орасида шамоллаш, бепуштлик, бола тушиб қолиши бўйича келганлар ҳам бор. Буларни кўп қисми 16 ёшдан 18 ёшгачадир. Шунинг учун мен ота-оналарга айтар эдим. Ҳеч қачон фарзандини турмушга беришга шошилмасин. Уларни ўқитиб билимли қилса, келажакда ўз ўрнини топишда ҳам қийналишмайди»,- дея маълум қилди Ўзган район «Қизил ой» жамиятининг раҳбари Татьяна Митягина

Митягинанинг қўшимчасига кўра, ҳозирги вақтда ажрашишлар оқибатида етим қолган болалар сони ҳам ортган. Катталар билан бирга ёш болаларга ҳам рухий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

«Эрта турмуш қуришнинг зиёни ҳамда оила зўравонлигини олдини олиш бўйича Ўш вилоятининг Ўзган районида давра суҳбати ташкил этилди. Унда тегишли органлар, мактаб ўқувчилари, ота-оналар, фуқаролик жамияти вакиллари қатнашди. Давра суҳбатида таъкидланганидай, ажрашганларнинг кўп қисмини ёшлар ташкил этади. Шу сабабли қизларни турмушга тайёрлаш марказларини очиш таклифи киритилди. Шу билан бирга имомларга ҳам ФҲДЁдан рўйҳатдан ўтган қоғози бўлмасдан туриб, никоҳ ўқимаслиги эслатилди. Бунга амал қилмаган имомлар тегишли органлар томонидан жаримага тортиладиган бўлди.

Таъкидлаб ўтсак, вояга етмаган қизларни мажбурлаб турмушга берганлар ёки олиб қочганлар жавобгарликка тортилиши қонунда ёзилган. Ҳуқуқни ҳомоя қилиш органлари эса, халқ орасида бу каби кўринишлар давом этаётганини айтиб, унга жамият, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ҳамда суд тармоқлари томонидан етарли эътибор қаратилмаётгани билдирилди.

«Данный материал был подготовлен при содействии проектов ПРООН и Министерства иностранных дел Финляндии «Расширение доступа к правосудию в Кыргызской Республике» и «Совершенствование Верховенства права и доступ к правосудию в целях обеспечения устойчивого мира».

“Биз”, 08.2015

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*