Қирғизистонда кризис марказлар сонини кўпайтириш керак

5

Таҳлилчилар фикрича оиладаги зўравонлик, ожизларга қарата куч ишлатишлик дунёда глобал сифатга эга бўлиб, бундан Қирғизистон ҳам мустасно эмас ва сўнгги йилларда бу вулқон каби авж олди. Маълумотларга кўра, оиладаги зўравонликлардан 58 фоиз аёллар жабрланса, 18 фоиз болалар, 13 фоиз қариялар ва қолган 7 фоизини эркаклар тузар экан.

Ташаббускор тадбиркор аёллар жамоатчилик жамғармасининг раисаси Авазкан Ормонованинг таъкидлашича, бир фуқаронинг ҳуқуқи бузилган тақдирда ҳам бунга бефарқ қарамаслик керак.

“Бизнинг идорамизга мурожаат қилганларнинг аксариятини оилавий зўравонликларга дучор бўлган аёллар, болалар, қариялар ва имконияти чекланганлар тузмоқда. Булардан аёлларга тўхталадиган бўлсак бунинг асосий сабабларидан бири вояга етмай туриб оила қуришдан келиб чиқмоқда. Аслида булар аввал ҳуқуқ тартибот идораларига бошидаёқ мурожаат қилишлари керак. Лекин бизда сабр қилиб, оғир турмушга қаноат қилиб яшайвераман, барчаси ўткинчи деб ўйлайдиганлар кўп. Аммо бунинг натижаси ёмон воқеаларга, инсон саломатлигида салбий асоратларни олиб келиши мумкин.” дейди Авазкан Ормонова.

Ҳар йили 25 ноябрда жаҳонда гендерлик зўравонликларга қарши халқаро кун белгиланади. Бу йили бу кунга бағишлаб, “Айта бошлайлик” деб номланган 16 кунлик тадбир бошланиб, 10 декабр халқаро инсон хуқуқлари кунида ниҳояланди. Бу тадбир оиладаги зўравонликларни тўхтатишга, ундан жабрланганларга ҳуқуқ тартибот идораларига мурожаат қилишни тарғиб қилиш, ёки шундай воқеаларга гувоҳлардан ёрдам бериш кераклиги уқтирилди.

Афсуски жамиятимизда эр хотин, ота бола ўртасида ва умуман оилада бўладиган жанжалларни дарров милиция хабар бериш, уни ошкор қилишни фуқаролар қанча зўравонликларни бошдан ўтказишсаям юқорида таъкидланганидек керакли идораларга мурожаат қилишмайди. Албатта бу оила бузилиб кетмаслигини ўйлаб қилинади.

Ўш шаҳар ИИБ матбуот котиби Замир Сидиқов эса аввалги йилларга нисбатан ўз ҳақ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун милицияга мурожаат қилган аёллар сони ортганини таъкидлайди.

“Аёлларнинг кўпчилиги эртанги ҳаёти, тақдирини ўйлаб арзланмаган ёки иккинчи томон қистови билан аризаларини қайтариб олган ҳоллар кўп учрар эди. Сўнгги йилларда эса бунинг аксини кўриш мумкин. Масалан олиб қочиб кетилган қиз жувонлар томонидан ҳақ ҳуқуқларини талаб қилиш сифатида ёзилган мурожаатлар сони ортди.” дейди Замир Сидиқов.

Зўравонликларга дуч келган фуқароларда жамиятдан ва ўз ҳаётидан кўнгли совий бошлайди. Бундай ҳолларда жабрланганларга қўшимча психологик кўмак, йўл йўриқ кўрсатадиган кризис марказлар сонини кўпайтириб, улар ҳақида кўп маълумотларни элга етказиш зарурияти ортмоқда.

Республикадаги мавжуд кризис марказлари ассоциацияси маълумотида Қирғизистон ҳудудида 10та кризис маркази бор эканлиги айтилмоқда. Унинг иккитаси Бишкекда жойлашган бўлиб, қолган 8таси жумҳуриятнинг турли нуқталаридан ўрин олган. 10 та марказ бизнинг ўлкамиз учун оз эканлиги хабарланди. Литва давлатида аҳоли сони бизникидан оз бўлишига қарамай, 40та кризис маркази фаолият олиб борар экан. Лондон шаҳрида бундай марказлар сони 90 тани ташкил этади. Ва бу ердаги мутаҳассислар мурожаат қилиб келганларни қандай муаммо бўлмасин кризисдан чиқаришга ёрдам беради. Биздаги марказларга ҳам йилда 10 мингдан зиёд одам мурожаат қилади дейилади маълумотда. Бундай кризис марказлардан эркаклар учун хизмат кўрсатадигани аввал фақат Жалолобод шаҳрида бўлса, яқинда Чуй вилоятида ҳам бундай марказ ўз фаолиятини бошлаган.

Психолог Гулипа Борбиева кўп йиллик иш фаолияти давомида зўравонликка дучор бўлган фақат бир эркак киши унинг қабулида бўлганини айтади.

“Сўнгги 5 йил оралиғида шаҳсан менга психолог сифатида бир эркак киши мурожаат қилди. Унга қўлдан келган психологик ёрдам кўрсатдик ва мана ҳозир унинг турмуши яхшиланиб кетганини гувоҳи бўляпмиз. Лекин эркаклар учун кризис марказларида улар билан психологик ишлаш усуллари, ёндашиш методикалари бошқача бўлиши керак. Чунки эркак ўзини мағрур тутиб, келганда унга бир гап билан қайта келмас қилиб қўймаслик керак. Бунинг устида мутаҳассислар иш олиб бориши керак. Менимча эркаклар учун биринчи ишонч телефонларини очиш зарур. Мен бекорга буни айтмаяпман чунки 2010 йилга воқеалардан сўнг ташкил этилган ишонч телефонида ишлаганман. Шунда маълум бўлдики эркаклар кундузи эмас балки кечки соат 22дан кейин қўнғироқ қилишади. Шунинг учун методлар ўзгартирилиши керак деб ўйлайман. Ҳозирча зўравонликлар бўйича бизнинг “Ташаббускор тадбиркор аёллар жамоатчилик жамғармаси”да жойлашган 03222 коди билан 5 54 67 рақамли телефони орқали мурожаат қилишса биз қўлдан келган ҳам психологик ҳам ҳуқуқий кўмак кўрсата оламиз.” дейди психолог Гулипа Борбиева

Зўравонликларнинг 75 фоизи оилада бўлар экан. Қамоқхоналардаги маҳбус аёлларнинг 85 фоизи одам ўлтириш ёки дўппослаш моддалари билан судланганлардан иборат. Бу ўша оилада зўравонликлар, калтаклаш ва камситилиш кўпаяверганидан оҳири ўлтириб қутиламан деган аёллардир.

Қирғизистон мустақил ва демократик ўлка, унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қатор институтлар мавжуд ва Женева конвенцияси таркибидамиз. Шундай экан ҳар қандай майда жиноят ҳам қонунан жазоланиб, айбдорлар суд олдида жавоб бериши керак.

Мақола БМТТД ва Финландия ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигидаги «Қирғизистон Республикасида суд адолатидан фойдаланишни кенгайтириш” ва “Барқарор тинчликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ ҳамда адолат устуворлигини такомиллаштириш” лойиҳалари кўмагида тайёрланди.

Биз, 18.01.2016

Оставьте первый комментарий

Оставить комментарий

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*