Фуқаролар давлат идораларига мурожаат этганида ҳуқуқи камситилса қандай йўл тутиши керак?

2

Кўп ҳолатларда фуқароларнинг идора ташкилотлар ёки мансабдор шаҳслардан бирон бир маълумот олишга қийналаётганига гувоҳ бўламиз. Аслида қонунда мурожаат қилиш ва жавоб олиш йўллари ҳақида аниқ кўрсатилган бўлиб, буни оддий халқ вакилларигина эмас балким, айрим мансабдор шаҳслар ҳам билишмайди.

Қуйида Жалолобод вилояти “Справедливость” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан бу борада ишлаб чиқилган маълумотларни сизга етказмоқчимиз.

Фуқаронинг давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқи унинг энг муҳим конститутцион ҳуқуқларидан бири бўлиб ҳисобланади ва бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлардан биридир.

41 модда Ҳар ким давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг лавозимли шахсларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Улар қонунда кўрсатилган муддатда мурожаатларга асосли жавобларни қайтаришлари зарур.

Бу Қирғизистон Республикасининг 2007 йил 4 майида кучга кирган “Фуқароларнинг мурожаатномаларини кўриб чиқиш тартиблари тўғрисида” қонуни билан бошқарилади.

Мурожаат қилиш дейилганда, оғзаки ёки ёзма шаклда баён этилган таклиф, ариза, шикоят, илтимоснома, жамоавий мурожаатлар ва фуқароларнинг арзномалари тушунилади.

Мурожаатномани унинг қачон топширилганлигини исботловчи далиллар билан қолдириш мақсадга мувофиқ бўлиб, унинг иккинчи нусҳасида қабул қилувчининг имзоси бўлиши, почта орқали буюртма хат билан жўнатилганлигини тасдиқловчи квитанция бунга далил бўла олади.

Мурожаатномаларни кўриб чиқиш у келиб тушгандан бошлаб 14 кундан ортмаган муддатда амалга оширилиши керак. Агар масала мураккаб бўлиб, қўшимча ўрганиш ва текширувни талаб қилса, бу муддат 30 кунгача узайтирилиши мумкин. Албатта мурожаатнома эгаси бундан хабардор қилиниши керак.

Сизнинг аризангизга жавоб келмаса ёки унинг кўриб чиқилишидан кўнглингиз тўлмаса, сиз чиқарилган қарор устидан юқори турувчи органга мурожаат қилишингиз мумкин. Шуни эсда тутинг! Аризани қабул қилган юқори турувчи идора уни қарори устидан норозилик билдираётган  органга қайтаришга ҳақли эмас.

Шунингдек, фуқаро чиқарилган қарор юзасидан юқори турувчи органга мурожаат этиб ўтирмасдан, тўғридан тўғри судга арзланишга ҳуқуқли. Суд ариза берувчи юқори турувчи идорани четлаб ўтди деб, шикоятни қараб чиқишдан бош торта олмайди.

Шикоятларни судда кўриб чиқиш Қирғизистон Республикаси  Фуқаролик процессуал қонунчилиги асосида бошқарилади. Фуқаро суд қарори билан ўзини ўзи бошқариш органи ёки лавозимли шаҳснинг мурожаатини кўриб чиқиш пайтидаги хатти ҳаракатлари яъни чора кўрмаганлиги натижасида етказилган зарарни ундириш, маънавий зиённинг ўрнини қоплаш ҳуқуқига эга. Агар фуқаро ўз мурожаатномасида қасддан ёлғон маълумотларни келтирган бўлса, уни маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи ёки лавозимли шаҳс томонидан кўриб чиқиш пайтида кетган харажатлар суд қарори билан фуқародан ундириб олиниши мумкин.

Ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг самарали йўлларидан бири қонунчилик органлари вакиллари ҳисобланган депутатларга (Жогорку Кенеш ёки Маҳаллий кенгашларга) мурожаат қилишдир. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, депутатлар сайловчиларни қабул қилишлари, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишлари керак. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддати депутатлар учун ҳам бирдек белгиланган.

Қирғизистон Республикаси Конституциясида (33 модда) ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита дахлдор ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш имконияти берилиши белгилаб қўйилган. Фуқаролар давлат органлари қарорлари ҳақидаги маълумотлар билан қизиқиш орқали ўзларининг конституцион ҳуқуқини амалга оширган бўладилар, давлат органлари ва ўз-ўзини бошқариш идоралари зиммасига эса бундай маълумотларни тақдим этиш вазифаси юклатилган ва фуқаро маълумотларни асл шаклида, унга қулай кўринишда тақдим этилишини талаб қилиш имкониятига эга.

Лавозимли шахснинг  маълумотнома (справка) нима учун кераклиги ва унинг қаерга топширилишини талаб қилиши қонунга зид ҳисобланади. Фуқаролар ўзларига зарур бўлган маълумотларни қандай мақсадда олаётганини амалдорга тушунтиришга мажбур эмас.

Фуқаролар ҳақида ҳужжатли маълумотларга эга бўлган орган уларни тегишли шахсларга бепул бериши лозим. Қонунда кўзда тутилган ҳоллардагина бу борада айрим чекловлар жорий қилинади.

Келажакда Қирғизистонда ривожланган давлатларга ўхшаб давлат хизматлари кўрсатиш тизимини аста секин электрон портал воситасида мурожаат қилиш имконини берадиган электрон форматга ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Мақола БМТТД ва Финландия ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигидаги «Қирғизистон Республикасида суд адолатидан фойдаланишни кенгайтириш” ва “Барқарор тинчликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ ҳамда адолат устуворлигини такомиллаштириш” лойиҳалари кўмагида тайёрланди.

Биз, 18.01.2016

Оставьте первый комментарий

Оставить комментарий

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*