Ўшда икки нафар журналистни судга беришди

8

“Ынтымак” ХЖТРКси ва “Ош шамы”  газетаси мухбирларининг иши судга оширилган. Уларни Абдураим Аманбаев уч фарзандли она уйсиз қолганлиги тўғрисидаги материали учун судга берган.

У ўз аризасида журналистларга унга маънавий зиён етказган деб даъво қилиб, журналистлардан бу зарарни қоплаш учун 500 минг сом ундириб беришларини сўраган.

“Мен фақат адолат талаб қилябман. Мухбирлар мен айтган гапларни эфирдан бермасдан, бошқа сўзлар билан янгилигини тайёрлаган”,- деб маълум қилди А. Аманбаев.

Судга чақирилган  “Ынтымак” ҲЖТРКси муҳбири бу сўзларни рад қилиб, у материални холис тайёрлаш мақсадида, Манзура Мирвосилова, унинг қўшниларидан ва шу билан бирга Абдураим Аманбаевдан ҳам маълумотларни олишга ҳаракат қилган. Аммо Аманбаев интервью беришдан бош тортди, деган сўзларни айтади.

“Ош шамы” газетасининг муҳбири Элира Чинтемир қизининг таъкидлашича, уларга суддан чақирув келганда, бу 3-маротаба эканлиги огоҳлантирилган.

“Лекин, биз чақирув олган кунимизданоқ шаҳар судига келдик. Аммо бу ердагилар биз уч маротаба юбормаганмиз, чунки, конверт йўқлиги боис юбора олмаганмиз дейишди”,-дейди  муҳбир Элира Чинтемир қизи.

Ушбу муаммони ёритган журналистлардан бири фаолият юритган “Ынтымак” ҲЖТРКсининг бош директори Данияр Садиев мазкур материал ҳеч бир ғаразсиз тайёрланганини билдирди.

“Уч фарзанди билан муаммода қолган аёлнинг масаласини биз жамоатга ҳавола этдик. Бу билан маҳаллий ҳукумат томонидан қандайдир ёрдамлар берилиб қолар деган мақсадда эфирга узатганмиз. Томонларнинг фикрларини билдиришга биз майдон яратдик”,-дейди Д. Садиев.

Элира Чинтемир қизининг ҳуқуқ химоячиси Замирбек Адигинеев бу масалада қонунга кўра, ҳеч қандай маънавий зиён келтирилмаган ва материлда шахснинг обрўсига нисбатан ҳеч қандай путур етказилмаган деб ҳисоблайди.

Бу ишни яқиндан кузатаётган журналистлардан бири Хулкар Исамова ҳам даъвога сабаб бўлган материалда бирор катта хатоликларга йўл қўйилмаган деган фикрда.

“Мен тайёрланган материал билан танишиб чиқдим. Муҳбирлар муаммони холис  ёритишга ҳаракат қилишган. Энг асосийси улар Абдураим Аманбаевдан мазкур воқеани шарҳлашларини  сўрашган, бироқ,  у рад қилган. Бундай ҳаракатлар билан бу каби инсонлар журналистларга тазйиқ ўтказмоқчи бўлишади”,-дейди мустақил журналист Ҳулкар Исамова.

Мазкур ариза бўйича Ўш шаҳар судида жорий йилнинг 13-январида кўриб чиқилиши режалаштирилган суд 25-январга қолдирилди.

Бунга адвокатларнинг иш билан танишиб чиқиш учун яна бир оз вақт сўраганликлари сабаб бўлган.

Даъвогар тараф эса иш бўйича суд жараёни тугамагунича, изоҳ бермаслигини билдирди.

Ҳозирги вақтда материални “Медиа ҳуқуқ” ташкилотининг экспертлари қараб чиқишмоқда. Бундан ташқари Медиа институтининг вакилларига ҳам тегишли ҳужжатлар юборилган. Навбатдаги суд жараёни 25-январга белгиланди.

Мақола БМТТД ва Финландия ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигидаги «Қирғизистон Республикасида суд адолатидан фойдаланишни кенгайтириш” ва “Барқарор тинчликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ ҳамда адолат устуворлигини такомиллаштириш” лойиҳалари кўмагида тайёрланди.

Умида Мирзабоева, Биз, 18.01.2016

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*