Кўзлари хира, ўзи якка – ёлғиз

2-1

Турсунхон Юсупова асли Ўзбекистоннинг Андижонидан (аниқ қаердан эканлигини айтолмади). Айни пайтда Жалолобод шаҳар Октябрь шохкўчаси – 126 уйда ёлғиз ўзи истиқомат қилади. Ўзбекистонга 6 боласини ташлаб келган ва бу ерда Хакимжон Ўринбоевга турмушга чиқиб, 2 болали бўлган. Наргиза ва Эркин айни пайтда Бишкекда яшайди. Она 8 фарзандининг йўлига кўз тиккан, муштоқ.

Она ўзбекистонлик фарзандларининг ҳаммалари олий маълумотли экани, қизи Матлубахонни кўп эслашини, у хирург бўлиб ишлашини айтади.

Айни дамда Т. Юсуповани маҳалладошлари оталиққа олишган, аммо қарилик инжиқликларини ҳеч ким кўтара олмаётганини маҳалладошлари билан суҳбатлашганда билдим.

Унинг кўзларига парда тушибди, жарроҳлик йўли билан даволаш лозим. Бироқ, операциядан сўнг, бир ой “уход” керак бўларкан. Бу ҳақда Мискал Багишева айтди. Унинг таъкидлашича, савоб учун аяни куёвининг машинаси билан Қўчқор-Ота шаҳарчасидаги кўз шифокорларига олиб боришган. Мутахассислар аянинг кўзларига парда тушгани, жарроҳлик йўли билан даволаса бўлишини, аммо жарроҳликдан сўнг беморни биров уйида бир ой яхшилаб парваришлаши ва уч маҳал кўзларига дори томизиб туриши лозим бўлган. Шундай одам топилмагач, опереция қолдирилган.

Қария операцияга пулни қаердан топади, деган саволимга Мискал қуйидагича жавоб берди:

– Бу кампир бало, мэрияга югуриб, кўзини операцияси учун пул олган.

Мискал Багишевани сўзларини Чингиз Айтматов бошқарувининг масъул котибаси Назгул Жанбаева ҳам тасдиқлаб, қуйидагиларни айтди:

– Турсунхон Юсупова кўзлари хира кўраётганидан шикоят қилиб келганида “Киргиз темир жолу” Миллий компанияси давлат корхонасининг жанубий бўлими етакчиси Бахтиёр Юнусовнинг олдига олиб борганман. У аяга хамийлик қилиб 5 минг сўм берган. Бу пул етмас экан, деганда яна мэриядан 3000 сўм ёрдам пули олиб берганмиз.

Бироқ, Турсунхон Юсуповага қарайдиган одам бўлмагач, кўзлари даволатилмай қолиб кетган.

Кўзлари яхши кўрмаслиги сабаб, яқинда шаҳар кўчасида йиқилиб, бетон ариққа тушиб кетишига бир баҳя қолди. Уйига элтиб қўйдим… Айни пайтда аяни қўшниси Тожидин ака Қирғизбоев оиласи оталиққа олган, Ўзлари нима еса шу овқатдан бир косадан бериб туришади. Ая яшаётган уй хароб, томидан чакка ўтиб, уйининг хариси тушиб кетиш арафасида.

Чингиз Айтматов бошқарув етакчиси Максат Жусупбековга шу масалада мурожаат этдим:

– Журналистларки аралашаётган экан, майли мен ҳам ёрдам берганим бўлсин, ариза ёзсин мэрияга, биз қўллаб берайлик, – деди суҳбатдошим.

Ёлғиз қари аёлнинг қисмати қўни-қўшниларни ҳам бефарқ қолдирмаслиги мени қувонтирди. Ая қариб, жуда инжиқ бўлиб қолган. Шаҳар аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўлими ходимлари келиб, аяни Розияхон Жакбарованинг қарамоғига топширган. Розияхонни нима учун қарамоғидаги аёлни парваришидан воз кечганлиги билан қизиқдим.

– Аллоҳ йўлига қараб, қўлимдан келганича парваришлашга тайёр эдим, деб сўз бошлади Розияхон Жакбарова. – Тўрт ой қарадим ҳам. Уйларига борганимда ая ачиган овқатдан заҳарланиб, бехуш ётган экан. “Тез ёрдам чақирдим. Врач келиб кўрди, битта укол берди-ю, касалхонага олиб кетмади. Келинларим билан уни ва ўрин-кўрпаларигача ювиб-тозаладик. Ўзимиз дори-дармон олиб келиб, даволадик. Уйлари хароб, катта-катта каламушнинг уйлари, ҳамма ёқни ўпириб ташлаганди. Шу ҳолида ташлаб қўйсак, каламушлар ғажиб кетиши мумкин эди. Келинларим билан каламушларга дори тайёрладик. Шиша синиқларини майдалаб, инлар ичига солиб, лой билан чапладик. Ая оёққа тургач, хонани ўргимчак уйларидан тозалаб, таъмирлаб бердик. Печкаси ҳам йўқ экан, уйимдаги кичкина печкани олиб чиқиб, ўрнатиб бердим. Маҳалла комитети раиси Хасанбой Маматалиевга айтиб 10 қоп кўмир олдириб бердим. Кўмир майда, қуйқум экан, уйидаги ўрик кесилмай тарвақайлаб кетган экан, кераксиз шохларини қирқиб, ўтин қилиб бердик. Яхшигина қараб тургандик. Одамларнинг гап-сўзлари кўпайиб кетди: “Эмишки, Розия кампирнинг уйини олиб қўярмиш”. Гап-сўзлардан қутилиш учун кампирни қараб туришдан воз кечдим.

– Одамлар нима десалар, демайдими. Сиз Аллоҳ йўлида кампирга яхшилик қилаётган экансиз, дейман, Розияхоннинг ишидан норози бўлиб.

– Тўғрику-я, гап-сўз ёмон экан-да – деди Р. Жакбарова. У маҳалладошлари кампирнинг қилиқларидан безор бўлгани, сочларини ёйиб кўчаларда юриши, ҳаммадан тиланчидек овқат сўраши жонига текани ва аяни жиннихонага ташлаб келишга уни кўндиришга чиқишгани оғир ботганини айтди.

Турсунхон аянинг фарзандлари бемеҳр чиқибди. Қариндошлари эса Ўзбекистонда. Кўзлари хира тортиб, 80 ёш билан юзлашаётган ёлғиз кампирнинг кейинги тақдири кишини ўйга толдиради.

Раънохон Мамитова, Биз, 10.09.2015

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*