М. Турсунзода номли мактабида билимга чанқоқ болалар сони ортмоқда

lolu_okuuchularү

Лўли миллатига мансуб болаларни мактабга жалб қилиш сўнгги йилларда яхшиланиб бормоқда. Масалан, улар таълим олаётган Мирзо Турсунзода номли 105-сон ўрта мактабда ўтган йили бошланғич синф битта бўлса, жорий йилда 6 та синф хонасини болалар билим олиш билан тўлдиришмоқда. Юқори синф ўқувчиларининг сони эса аввалгига нисбатан олтмиштага кўпайган. Ҳозирда 184 ўқувчи учун қурилган мактаб биносига сиғмай, Нурдор участкасида очилган филиал билан ҳисоблаганда 566 бола таълим олмоқда. Бу эса лўли миллатига мансуб болаларни таълим олишига ота-оналарининг қаршилиги озайганини исботлайди.

Ушбу мактабда таълим олишни давом эттираётган Наврўза Каримова ота-онаси ва энг асосийси ўзининг хоҳиш-иродаси билан мактабга келганини ва бу даргоҳда билим олиш жараёнида география, геометрия, алгебра, қирғиз тили ва адабиётга бўлган қизиқиши ортганини айтса, унинг синфдоши Наима Абдурашитова отаси унга мактабда таълим олиб, келажакда яхши бир касб эгаси бўлишига қарши чиқмаганидан ҳурсанд эканлигини билдиради.

Мактабнинг аълочи ўқувчиларидан Қўшоқбой Холматов бўлса келажакдаги мақсадлари билан бизларни таништирди.

“Мен келажакда ушбу мактабда дарс берадиган ўқитувчи бўлиб, келажак авлодга таълим-тарбия беришни истайман. Йилдан йилга такомиллашиб бораётган даврда ота-боболардан қолган удумлардан кўз қиёлмай ўтираверсак биз дунёдан ортда қолаверамиз. Шунинг учун мен устозим Тўланбой Қодировдек маърифатпарвар инсон бўлгим келади. У бизни мактабни севишга ўргатмоқда, мен эса келажакда унга шерик бўлиб, елкама-елка болаларни саводли бўлишига ўз ҳиссамни қўшаман”, -дейди Қўшоқбой Холматов.

Юқорида номи зикр этилган ўқувчилар кўнглидан чуқур жой эгаллаган ўқитувчи ҳақида икки оғиз таъриф бериб ўтишни жоиз деб топдик.

Миллатдошларининг келажагини ўйлаган биринчи муаллим

Тўланбой Қодиров – қадимий авлодлардан қолган удум ва замонга мос келмаган бўлмағур кўринишлардан воз кечиб, янгича, замонавий хаёт тарзини танлаб, билимли ва зиёли бўлишни ўзига орзу қилган йигит. У ҳозир ўзи дарс бераётган мактабда таълим олгач, аҳоли орасида тарихда биринчи бўлиб, олий ўқув юртларининг бирида педагогика соҳасининг сир-синоатларини мукаммал ўрганади. Факультетдан бўшаган пайтларда эса олган билимини ўзи ўқиган мактабда амалиёт сифатида ўқувчиларга дарс бериш билан ўтказади. Шу тариқа ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан ёқтирган касбиниг мукаммал устаси бўлишига эришди. Мана ҳозир ўз миллатдошларининг келажаги ҳисобланмиш ёш авлодни билим олишига метиндай куч ғайрат билан қўлдан келганча ҳаракат қилмоқда.

“Мактабга биринчи келганимда синф хоналаридаги сийрак ўқувчиларни кўриб, ҳафа бўлиб кетганман. Фақат бошланғич синфда чала-чулпа ўқиб, хат-саводни чиқарган киши бўлиб, мактабга келмай қўйганлар кўп бўлган. Дастлаб жамоамиз билан маҳаллама-маҳалла юриб, ота-оналарга тушинтириш ишларини олиб бордик. Кўпчилик буни тўғри қабул қилди. Афсуски орасида фарзандини ўқишига қарши бўлганлар ҳам учради. Лекин биз мақсадимиздан ортга чекинмадик. Кейин мактабни тарк этган, ёш туриб “мустақил” ҳаётга ўрганган болалар устида иш олиб бориб, уларни яна мактабга қайтариш илинжида бўлдик. Яхши ва ҳолис ниятимизни Оллоҳ қўллади ва бу болалар кўнглига илиқлик солиб, мактабга қайтишига имкон берди. Мана қилган меҳнатларимиз самараси билан мактабимиз биносига ўқувчилар сиғмай, қўшни қишлоқда филиал очишга тўғри келди”, -дейди ўз қувончини яшира олмаган Тўланбой Қодиров.

Мактаб жамоасида Тўланбой билан елкама-елка фаолият олиб бораётган ўқутивчиларнинг сўзларига кўра, ўғил болаларни мактабга жалб этилиши яхши йўлга қўйилди. Ҳар бир оила мактаб ёшидаги “эркин ҳаёт”га ўрганган фарзандини мажбурий тарзда бўлса ҳам ўқитмоқда. Кўпчилик ўқувчиларда эса “мактабни тамомлагандан кейин олийгохларга топшириш” деган тушунча пайдо бўла бошлаган. Лекин баъзи қизларнинг мактабга боришига ота-оналар томонидан ҳали ҳам қаршиликлар бор экан.

“Янги қишлоқ”да йигирмага яқин оиланинг кизлари мактабга бормайди. Булар бир жойда турмайдиган, аниқ қилиб айтганда қўшни шаҳарларга “одатий” тиламчилик ёки темир-терсак йиғиш орқали пул топиш учун чиқиб кетган қизлардир. Ўқитувчилар эса бетиним уларнинг ота-оналари билан учрашиб, тушинтириш ишларини олиб боришмоқда. Шундай бўлишига қарамай, бу оиладаги кизларни мактабга келмаётгани муаммолигича қолмоқда.

Мактабга келишни хоҳламаса бошқача йўл тутамиз

Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича муовини Гулнара Абилова билим олиш ўрнига шаҳарма-шаҳар, кўчама-кўча кезиб юрган қизларни мактабга жалб этиш учун энди бошқа чоралар кўрилишини таъкидлади.

“Қишлоқ бошчиси ва вояга етмаганлар билан ишлаш инспекцияси ҳодимлари билан бирга юриб, буларни ҳам мактабга мажбурий равишда жалб қиламиз.  Мақсадимиз болаларни ўрта билимга эга қилиш. Умуман мактабга қадам ташламаган 9 ёки 10 ёшли болаларни ҳам 1-синфга қабул қиляпмиз. Шу тариқа бу йили 6 та 1-синф ўқувчиларини қабул қилдик. Ўтган йили 7 та 1-синфга ўқувчи олган эдик. Булар ҳам умуман саводсиз бўлгандан кўра, ҳеч бўлмаса ҳарф танишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Албатта бугун тиҳирлик ва қайсарлик қилаётган болалар келажакда афсусланмайди деган умиддамиз”, -дейди Гулнара Абилова.

Эслатиб ўтсак, Мирзо Турсунзода номидаги мактабда аввал дарслар ўзбек тилида олиб борилган. 2004-йили синов сифатида маҳсус қирғиз тилида дарс ўтилувчи синф очилган. Бу иш яхши натижа бериб, ўн йилдан сўнг 2014-йилдан буён дарслар тўлиқ қирғиз тилида олиб борилмоқда. Шу сабаб дарслик борасида ҳам муаммолар йўқ эмас. Етишмовчилик 25% бўлгани учун айрим китоблар икки ўқувчига биттадан берилган бўлишига қарамай билимга чанқоқ ўқувчилар сони ортаётгани барчани қувонтирмай қўймаса керак.

Мақола БМТТД ва Финландия ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигидаги «Қирғизистон Республикасида суд адолатидан фойдаланишни кенгайтириш” ва “Барқарор тинчликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ ҳамда адолат устуворлигини такомиллаштириш” лойиҳалари кўмагида тайёрланди.

“Биз”, 07.12.2015

Оставьте первый комментарий

Оставить комментарий

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*