Болангиз зўравонликлардан ҳимоя қилинганми?

tor

8-декабрда Бозорқўрғон туман касалхонасига 1-синф ўқувчиси танасидаги оғир жароҳатлар билан тушган. Етти ёшдаги қизалоқ ҳушига келмай вафот этди.

ИИМнинг маълумотига кўра, воқеани тезкор текширув гуруҳи назоратга олиб, қиз истиқомат қилган уй текширилган. Қиз холасининг назоратида бўлган. 7-декабарда кечки пайт холаси қизни таёқ билан калтаклаган. Танасига келтирилган жароҳатлари туфайли, қизнинг аҳволи оғирлашиб, тонгга яқин касалхонага мурожаат қилишган.

Вафот этган Тахмина Кенжебаеванинг дадаси Россияда ишлайди. Онаси эса чет давлатга бориб ишлайман деб, қизини сентябрь ойида опасининг тарбиясига топширган. Терговчи қизнинг онаси ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтиб, ариза ёзиб берганлигини таъкидлади.

“Тахминанинг юрагида касаллик бор деган тахминни айтмоқда. Лекин касалликни тасдиқловчи хужжатлар йўқлигини тергов ишлари жараёнида аниқланган”,- дейди Бозорқўрғон РИИБнинг терговчиси Нурбек Жоробеков

Ҳозирда дастлабки материаллар тўпланиб, воқеа бўйича Бозорқўрғон РИИБси жиноят ва жазо кодексининг 97- одам ўлдириш моддаси билан жиноий иш қўзғади. Суд -тиббий, суд -биологик ва бошқа экспертизалар ўтказилади. 46 ёшдаги гумондор вақтинчалик ушлаш жойига киритилди. Терговчилар воқеа сабабларини аниқлашмоқда.

Бундан ташқари №13 мактабнинг 6-синф ўқувчиси қаттиқ калтакланган. Мазкур мактаб маълумотни тасдиқлаган. Бу вақтгача айрим ОАВлари №13 мактабнинг ўқувчиси калтакланганлигини ва миясидан жароҳат олганини ёзиб чиқишган.

Боланинг ота-онаси сўзларига кўра, бу воқеа жума куни жисмоний тарбия дарсида бўлган.

“Жума куни кечки пайт фарзандим мактабдан шундай аҳволда келди. Бу баскетбол секциясидан кейин бўлган. Эрталаб травматологияга олиб бордик. Улар мияси чайқалган деган ташхиз қўйишиб, 12 кун даволаниши кераклигини айтишди”,-деб билдирди ўқувчининг онаси.

Шу билан бирга, 10-декабрда Бишкекда ҳалок бўлган ўқувчининг ўлимига боғлиқ жиноий иши қўзғалиб, текширув амаллари олиб борилмоқда.

Яъни,10-декабрда мактабга деб чиқиб кетган бўйича йўқолган етти ёшдаги боланинг жасадини милиция даладан топган. Бишкек милициясининг таъкидлашича, уни йўлдан оиласининг кўп йиллардан бери яқин таниши бўлган аёл кутиб олиб, болага ухлатувчи дори сайиб қўйган. Болани одамлардан ҳилват жойга ташлаб, ўзи ўқувчининг ота-онасидан 150 минг сом талаб қилган.

Ички ишлар министрлигининг маълумотига кўра, Қирғизистонда жорий йил бошидан бери болаларга нисбатан қилинган  755 жиноий иши аниқланган. 137 ўсмир зўрланган. Тартибни муҳофаза қилувчи органлар болаларга нисбатан зўровонликлар ўсиб бораётганини таъкидлашади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, болаларга нисбатан қўлланилаётган зўровонликларга меҳнат муҳожирлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Чунки, ота-оналар ишлагани чет элга кетиб, фарзандларини яқин қариндошларига ташлаб кетмоқда.

Ўш шаҳрининг яшовчиси Раънохон бу мавзуга фикр билдириб, – “Мана шу каби вазиятга йўл қўйган ота-оналарни жиноий жавобгарликка тортиш керак. Шундагина бундай ишлар озаяр эди.”, дейди.

Яна бир яшовчи Мансурнинг сўзларига кўра, болаларга нисбатан зўравонлик кўрсатганларга ўлим жазоси қўлланса яхши бўларди.

Жорий йилнинг баҳор ойларида ўсмирларга қарши зўровонлик кўрсатганларга ўлим жазосини киритиш бўйича таклифларга имзо тўплаш тадбири олиб борилган. Бироқ бу каби қонунлар референдум орқали қабул қилиниши керак, деган сўзлар билан амалга ошмай қолган.

Бугунги кунда болаларга нисбатан зўровонликка қарши турли тадбирлар олиб борилмоқда.

«Болаларнинг ҳуқуқини муҳофаза қилиш лигаси» зўровонликка дучор бўлган болаларни реабилитациядан ўтказиш, руҳий ёрдам бериш учун Қирғизистон ҳудудида болаларнинг соғлигини қайта тиклаш марказларини очиш билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда лига вакили Наргиза Конушалиева давра сухбатларининг бирида айтиб ўтган.  Бироқ бу каби муассасалар айрим ҳудудларда етишмайди.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг ҳавфсизлик бўлимининг катта нозири Комолиддин Артиков болаларнинг ҳавфсизлигига биринчи навбатда ота-оналар масъул бўлиши лозим, дея таъкидлайди. Чунки, бугунги кунда ота-оналар муҳожирлик боис, фарзандларига бефарқ бўлмоқда.

Унинг берган маълумотига кўра, Ўш шаҳрида ота-онаси чет давлатда ишлаган 500га яқин бола рўйхатда туради.

Мақола БМТТД ва Финландия ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигидаги «Қирғизистон Республикасида суд адолатидан фойдаланишни кенгайтириш” ва “Барқарор тинчликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ ҳамда адолат устуворлигини такомиллаштириш” лойиҳалари кўмагида тайёрланди.

“Биз”, 21.12.2015

Оставьте первый комментарий

Оставить комментарий

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*