Кексалар меҳнатини кўнгил учун бўлса ҳам қадрлайдиганлар камайиб боряпти

Октябр ойининг биринчи санасида қариялар куни ўтказилади. Бу куни шаҳардаги барча кексаларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Ўз қўллари билан ясаган буюмларини сотишлари учун кўргазмали ярмаркалар уюштириб келинади. Бироқ бу йили…

“Бу йили бундай тадбир шаҳар миқёсида ўтказилмади, чунки қариялар вақт сарфлаб, кўз нурини кетказиб, қалтироқ қўллари ила ясаган буюмларини йўқ демай олиб чиқишади-ю, аммо уни сотиб олгани ҳаридор бўлмайди. Шунинг учун шаҳар мэри кексаларимизнинг вақтини олмайлик, уларни илҳақ қилмайлик дея бу кўргазмани ташкил эттирмади”, -дейди Ўш шаҳар ижтимоий тараққиёт бошқармасининг кексаларга хизмат қилиш бўлими мудири Жазгул Сабирова. Унинг ўрнига жой-жойларда байрам тадбирлари уюштирилиб, бир даврага йиғишга муваффақ  бўлинганини таъкидлади.

biz17

Боқувчисини йўқотган Ирина Каратаеванинг томидан чакка томади

86 ёшни қоралаб қолган Ирина хола Авторемзаводдан 1985-йили нафақага чиққан. Икки фарзанд кўриб, иккаласини ҳам ёшлигидаёқ ерга берган онахон ҳозир ўзи ёлғиз бир хонали уйда истиқомад қилади.

“5770 сом пенсия беради. Яқинда қариялар куни билан табриклаб, мэр 2000 сом берди. Бунинг учун рахмат чунки хаётимда биринчи маротаба бундай ёрдамни олдим. Аммо бу маблағ озиқ-овқат, дори-дармонга ҳам вақти келса етмай қолади. Ижтимоий хизматчи аёл хафтада бир келиб, уйимни тозалаб, супуриб сидиради, пулини бераман, бунга бозор –учар қилиб келади”.–дейди пенсионер Ирина Каратаева.

Якка-ёлғиз ҳаёт кечираётган Ирина Каратаева қарилик сабаб тез-тез касал бўлиб қолади. Шунда у ёрдамга муҳтож бўлиб, ожиз эканлигини хис этади. Шукурки, мени оталиққа олган, ғамҳўрлик кўрсатиб турадиган ҳар холда чиқимларимни ярмини кўтариб турадиган ҳомийим бор. Баъзида у келиб докторларга кўрсатади дейди кекса қария.

“Қариялар учун тиббиёт хизматлар бекор дейилгани билан бу қонун бизда ишламайди. Яқинда қўлларимга  аллергия тошиб кетди, касалхонага бордик. Врач йигит жой йўқ ололмайман деб роса тиҳирлик қилди. Оҳири чўнтагига 1000 сом кафтлаган эдик палатадан жой берди. Кейин билсам, бўш жой бу жойда кўп экан. Атайлаб жой йўқ деб айтишар экан. Мақсади пул экан уларнинг шундай қилиб 13 минг сўмга даволаниб чиқдим”,–деган пенсионер Ирина Каратаева аввал ушбу 2 қаватли уйда элликбоши бўлиб, уй учун яшовчилар бошини бириктириб кўп ишларни қилишга муавфақ бўлган. Кўздан нур, белдан қувват кетганда эса бундай ишларга ярамай қолди. Ҳозир элликбошимиз йўқ  деган Ирина хола муаммолар қалашиб ётганини маълум қилди.

“Уйимиз таъмир талаб, томдан чакка ўтади. Эртага ёғингарчилик бошланса нима қиламиз мени мана шу масала доим ўйлантириб келади. Ҳожатхона масаласида жуда қийналаман, чунки унда сув йўқ. Ховлида жойлашганига эса боролмайман. Мени биров зиналардан етаклаб олиб тушмаса, кўзим ҳира кўради, йиқилиб тушишдан қўрқаман”,–дейди пенсионер Ирина хола.

Ирина Қаратаеванинг уйидан чиқиб тўғри Ўш шаҳар ижтимоий тараққиёт бошқармасининг кексаларга хизмат қилиш бўлими мудири Жазгул Сабировага учрадик.

Бошпанаси талабга жавоб бермайдиган қариялар учун давлат ёрдам беради

“Бизнинг шаҳарда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган ёши 70дан ортган 106 қария бор. Уларга йилда бир маротаба 2000 сомдан ёрдам пули берилади. Байрам олдидан Ирина Алексеевнанинг яшаш шароитини биз ўрганиб чиқиб, ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлганлар сафига киритдик ва шунинг учун у ҳам 2000 сомдан қуруқ қолмади.

Даволаниш масаласига келсак, албатта бунга ҳам биз масъулмиз лекин шаҳримизда “ФМС” деган идора бор. Касал бўлган қарияда даволаниш маблағи бўлмаса ёки шифокорлар пул талаб қилса аслида шу жойга мурожаат қилинади. Улар қария бепул даволаниши керакми ёки пулли бу идора ҳодимлари шунга аниқлик киритиб беради. Бундай ҳоллар кўп учрайди. Бу ҳам бўлса кексаларимиз ўз ҳуқуқларини билмаганидан бўлмоқда. Бемор бўлган қариялар учун мэрида заҳира жамғармаси ташкил этилган. Ариза билан мурожаат қилинса, аҳвол ўрганиб чиқилгач, бу жамғармадан энг ками 3000 сом даволаниш учун ундириш мумкин.

Уйининг томидан чакка ўтиши масаласи: Онахон яшайдиган уй кўп қаватли уй бўлгани учун унинг томига бошқа ҳонадон соҳиблари ҳам жон куйдириши керак. Агар улар пул тўплаб, томни ўнглашга киришса, Ирина хола номидан биз мэрияга мурожаатнома йўллаб, раҳбариятдан керакли маблағни ажратиб бериш қарорини олишга имконимиз бўлади. Улар ташаббус кўтармагунча афсуски биз ҳеч нарса қилолмаймиз”, -деди Ўш шаҳар ижтимоий тараққиёт бошқармасининг кексаларга хизмат қилиш бўлими мудири Жазгул Сабирова.

Қаровсиз қолган қариялар ёки ижтимоий ёрдамга муҳтож қариялар бўлса, ўз ҳуқуқлари поймол бўлаётганини билган кексаларимиз Ўш шаҳар ижтимоий тараққиёт бошқармасида очилган 2-95-81 ёки 2-72-40 рақамли ишонч телефонлари орқали ҳабар беришлари мумкин.

Мақола БМТТД ва Финландия ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигидаги «Қирғизистон Республикасида суд адолатидан фойдаланишни кенгайтириш” ва “Барқарор тинчликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ ҳамда адолат устуворлигини такомиллаштириш” лойиҳалари кўмагида тайёрланди.

“Биз”, 09.11.2015

Оставьте первый комментарий

Оставить комментарий

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*