Улар ҳам шаҳар кўчаларида эркин кеза олсинлар

bizpandus1

Жисмоний имконияти чекланганларнинг “Интеграция” жамотчилик жамғармаси бошлиғи Марина Фегеле йигирма  йил аввал автоҳалокатга учраган ва ўшандан буён  хасса таёқ унинг яқин ҳамроҳи бўлиб қолди.  Унинг айтишича, Ўшда жамоат жойлар ва транспортларда  имконияти чекланганлар учун қулай шароитлар етарли эмас.

“Ҳокимият вакиллари автомат тарзда туширилиб, чиқариладиган маҳсус пандусли автобуслар олиб келамиз, деб айтишган. Биз эса бундай техникани кутишдан чарчамаймиз ва умид билан яшаяпмиз”, дейди Марина Фегеле.

Бундан бир неча йил аввал автобус  ҳайдовчилари  орасида имконияти чекланганларни олмай кетадиганлари кўп учраган экан.  Ҳозир эса бу муносабат ижобий томонга ўзгарганлигини Марина мамнуният билан таъкидлайди:

“Аввал улар бизларга тўхтамас эди. Ёки тўхтаб турган автобусга етиб боргунимизча юриб кетишар эди. Ҳайдовчилар орасида тушинтириш ишларини олиб борганимиздан сўнггина уларда толерантлилик ҳисси пайдо бўлди ва  ҳайдовчилар муомиласи яхши томонга ўзгарди.  Ҳозир биз учун қулай бўлган жойларда, бекатлардан ташқарида бўлишидан қатъий назар қаерда бўлмасин тўхтаб, чиқиб-тушишимизда ёрдам беришмокда. Фақат маршрут таксиларнинг зинаси баланд бўлгани учун бизга ноқулайлик туғдирар эди. Аравачада юрадиганлар эса имконига қараб  таксида юришга мажбур бўлишади”.

Марина айтганидек, жисмонан имконияти чекланганларнинг  жамоат  транспортларига чиқиб-тушиши анча мушкул иш. Буни улар бировларнинг ёрдамисиз бажара олишмайди. Биз буни  аравачада юрадиган болани автобусга чиқиб туширишда қатнашганимиздан сўнг ҳис қилдик.

Шундан бўлса керак саломатлиги заиф фуқароларни кўчада кам учратамиз.  Улар юқоридаги  ҳолатларга кўп дуч келгани учун уйда ўтиришни афзал кўришади,  дейди Марина.

“Яқинда аравачада юрадиган бир қиз билан суҳбатлашиб қолдим. У бир куни кўчага ҳамроҳсиз чиққан экан, одамлардан бири уни камситиб, ҳақоратлаганини айтиб берди.  -Сен фақат уйда ўтир. Кўчага чикиб жамоат олдида ўзинг шарманда бўляпсан ҳалос,  деганини эшитиб ёқа ушлаб қолдим. Хорижда бундайларга мулойим муносабатда бўлишади. Бизда эса афсуски бошкача… айримларнинг савияси қуйи даражада”.

 

РАДИК УЧУН ҚЎЛБОЛА ПАНДУС

Оиласи билан уйма-уй кўчиб ижарада турадиган Радик Кутуев умуман юра олмайди. Шунинг учун аравачаси унга ҳам кўмакчи, ҳам ҳамроҳ вазифасини бажаради. Аммо бу ёрдамчи восита ҳам Радикни бинодан, ҳатто уйидан ташқарига чиқишига ёрдам беролмайди.  Чунки аввал турган  ижара уйидаги зинапояга дўстлари қўлбола пандус қуриб беришган эди. У орқали албатта ҳамроҳлар кўмагида ташқарига чиқиш имконига эга бўлган эди. Пандусни ётиқроқ қуришнинг иложиси бўлмаганидан бир неча бор араваси билан бирга қулаб тушган экан. Мана  бошқа уйга кўчиб ўтгач  эса ўша пандус ҳам йўқ ва у яна кўчага чиколмай колган. Дўстлари пандус қуриб берайлик дейишмоқда. Лекин, бу уйда Радикнинг қанча муддат яшаши номаълум булгани учун бироз ўйланишмоқда. Устига устак қўшнилар ва керакли идораларнинг руҳсати бўлмаса бу ишга қўл уриб бўлмайди.  Шунинг учун  икки ойдан буён шаҳар кўчаларини кўрмаган Радик нафақат кўп каватли уйларда балким, касалхоналарда ҳам ногиронлар учун шароитлар йўқлигидан нолийди.

“Яқинда шаҳар касалхонасига даволанишга бордим. Неврология бўлими 2-қаватда жойлашган бўлиб, зинадан тушиб-чикиш қийин. Ҳожатхона, йўлак ва палаталар торлигидан аравада юриш анча мушкул. Мен борган барча тиббиёт масканларида аравачада юрадиган ногиронлар учун шароит йўқ. Шунинг учун анчадан буён касалхонада ётиб даволанганим йўқ. Аслида, бир йилда ҳеч бўлмаганда бир марта касалхонада ётишим шарт. -Хоҳласанг уйда даволан, дейишди. Уйда фақат уколдан бошқа яна нима қилиш мумкин.  Массаж, физ-даво каби бошқа процедураларни  олишнинг иложиси бўлмайди”.

Айрим иморатларга қурилган пандусларни ҳисобга олмаса, имконияти чекланганлар учун шароит яратишда сезиларли ўзгариш йўқ дейди, Радик.

“Бир неча бор айтганим ва ёзма равишда мурожаат қилганим билан мен борган барча идораларда фақат айримларидаги пандусларни ҳисобга олмаса, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти. Қисқаси жилиш йўқ ва барча ҳаракатларим зое кетмоқда”.

 

ПАНДУСЛАРНИНГ ҲАМ ЎЗ АНДОЗАСИ БОР

bizpandus2

Собиқ совет давридаги кўп қаватли уйлар пандуссиз қурилган. Сўнги йилларда авж олган қурулишларда ҳам пандус масаласига жиддий эътибор қаратилмаяпти десак, муболаға бўлмайди. Жамоат кўп катнайдиган иморат раҳбарларига пандус қуриш вазифаси топширилган бўлиб, баъзи бирлари талабга жавоб берадиганини ясаттирса орасида бечиқим , ҳўжакўрсин  ноқулай йўлакни қўйиб ҳотиржам тортганлари йўқ эмас. Марина каби хасса таёқ билан босиб келадиганлар учун зиналарга ушлагичлар ўрнатиш ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган. “Интеграция” жамоатчилик жамғармаси раисаси Марина Фегеле имконияти чекланганларга қулайлик яратиш масаласига бефарқ муносабатда бўлаётган раҳбарлар пандус қурилишида афсуски меёрларга эътибор қаратишмаётганини айтади.

“Масалан, шаҳар ижтимоий  тараққиёт бошқармасининг пандусини олсак, яхшидек кўрингани билан, андозаларга мос келмайди ва фақат 1-қаватгагина кириш мумкин. Иккинчи-учинчи қаватлардаги раҳбарлар ўзлари тушиб қабул қилмагунча кутишга мажбур бўлишади.  Вилоят кутубхонасининг пандусини олайлик, стандартга мутлақо тўғри келмайди. Тиккали ва силлиқгидан ҳатто мен ҳамхасса билан босгани қўрқаман. Аравачада юрадиганлар учун эса бу жуда ҳавфли. Ҳамроҳи бўлган тақдирда ҳам қулаб тушиши мумкин. Ўшдаги “Манас” аэропортида ҳам пандус меъёрида қурилган эмас. Ёмғир ва қорли кунларда юролмайсан. Бундай ноқулай пандусларни санаб саноғига етиш қийин. Барча талаб ва меёрлар ила қурилган падусни яратганларнинг иши таҳсинга лойиқ”.

Замонавий қурулиш меёрларида пандус  кўрсатилган. Аммо унинг ҳам ўзига яраша  андозалари бор. Ўш шаҳар қурулиш ва архитектура бошқармасининг етакчи архитектори Камалбек Ормонкулов пандуснинг қиялиги 8 даражадан ошмаслиги кераклигини айтади.

“Қурулиш қоидаларида “СНИП” деган кўрсатма бор. Унга кўра қуриладиган пандус қулай, тиккалиги имкон борича саккиз даражадан ошмаслиги, устига эса резина қоплама қопланиши ёзилган. Аммо қурулиш чиқимлари кўпайиб кетган ҳолларда бетонлигича қолиши мумкинлиги ҳам қайд этилган. Имконияти чекланган фуқаролар яшаши кўзда тутилиб, кўп қаватли уйларнинг иккинчи қаватигача маҳсус йўлак бўлсин деган буйруқ ҳам бор. Айни дамда қурилаётган биноларда бу меёрларнинг барчасини сақлашга ҳаракат қиляпмиз. Қурилиш топширилишидан олдин “Экотехинспекция” идорасининг вакиллари уни текшириб, кейингина фойдаланишга руҳсат беришади. Афсуски, бундан 3- 4 йил аввал бунёд этилган уйларда афсуски камчиликларни кўриш мумкин.»

Қонун ва қоидаларда қанчалик эътироф этилмасин имконияти чекланган фуқаролар учун жамоат жойлар ва транспортларда керакли шарт-шароитлар кўнгилдагидек эмас. Қандай бўлган тақдирда ҳам ҳаёт давом этаверади. Марина кабилар хассага таяниб тирикчилик қилса, Радикка ўхшаганлар эса аравачага боғланган ҳолда умид билан яшайдилар.

 

ҲАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИК

Ўш вилоятининг Қорасув ва Новқат район судларининг биноларида имконияти чекланган фуқаролар учун кириш имкониятлари тузилган. Бу ҳақда «Қирғизистонда суд адолатлилигига имкониятни кенгайтириш» лойиҳасининг эксперти Шарабидин Таиров билдирди.

Унинг айтишича, мазкур йилнинг май ойида ногиронларнинг суд иморатларига бориб мурожаат қилишига шароит яратиш мақсадида махсус пандус ва унинг ушлагичларини ясаб бериш учун лойиҳа ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳани ҳозирда Финляндиянинг Ҳукумати молиялаштирмоқда.

«Сезим» ногиронлар жамиятининг етакчиси Камилжан Майнаевнинг ҳам имконияти чекланган. Жисмоний имконияти чекланганларнинг ҳуқуқларини химоя қилиш учун судга тез-тез бориб туради. У пандусларнинг қурилганлиги улар учун яхши имконият бўлганини таъкидлайди.

Албатта, бу билан муаммолар тўла ечилиб қолгани йўқ. Ўш шаҳрининг бир қатор кўп қаватли уйлари, магазин каби маиший хизмат кўрсатиш уйларини қуриш вақтида ва хатто йўллар қурилишида ҳам кўп ҳолларда имконияти чекланганларнинг манфаати унутиб қўйилади.

Уларга шароит яратиш учун муаммони тез-тез кўтариб, эслатиб туриш ва ҳалқаро ташкилотлар билан алоқаларни кучайтириш зарурлиги тажрибадан кўринади.

«Данный материал был подготовлен при содействии проектов ПРООН и Министерства иностранных дел Финляндии «Расширение доступа к правосудию в Кыргызской Республике» и «Совершенствование Верховенства права и доступ к правосудию в целях обеспечения устойчивого мира».

«Биз», 08.2015

Оставьте первый комментарий

Оставить комментарий

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*