Ўш ва Қорасувда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш маркази очилди

karasuu

Азиз газетхон, сизга ўз ҳақҳуқуқларингизни биласизми, ёки уни ҳимоя қила оласизми, ё бўлмаса шундай ҳолатларда кимга ва қаерга мурожаат қилишдан хабарингиз борми? деган саволни берсак. Сиз нима деб жавоб берасиз?

Албатта кўпчилик юқоридаги саволларга йўқ деб жавоб бериши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ёки “пулинг бўлса чангалда шўрва” дегувчилар ҳам топилади. Лекин давлатимиз фуқаролар ўз ҳақ- ҳуқуқларини билиши учун малакали юристлардан бепул маслаҳат олиш учун маҳсус марказларини ташкил этди. Бу барчанинг баробар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишини таъминлайди.

Ўш вилоят ва Ўш шаҳар адлия бошқармаси биносида 10-декабр Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан Адлия вазирлиги томонидан бепул юридик хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилди.

Марказнинг расмий очилишида Қирғизистон Адлия вазирлигининг нотариал ва адвокатура бошқармаси бошчиси Марипа Сейдалиева, маҳаллий суд ва ҳуқуқ тартибот, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш идораларидан вакиллар, халқаро ташкилотлардан келган экспертлар ҳамда бир қанча юристлар иштирок этишди.

Марказнинг асосий вазифалари: бепул юридик кўмак кўрсатиш орқали инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида маълумотларни фуқароларга етказиш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини ҳуқуқий ҳимояланишини мукаммаллаштириш, ҳақиқатга эришишни таъминлаш, фуқароларни ҳуқуқий, эркин ва қонуний манфаатларининг  амалга ошишига ҳисса қўшишдан иборатдир. Бундан ташқари бепул юридик ёрдам ҳуқуқий консультация формасида мавжуд саволларга  оғзаки бериладиган маслаҳатлар орқали фуқароларни маълумот билан таъминлаб, лойиҳа ҳужжатларини тузиш бўйича ҳам кўмак кўрсатилади.

Аслида, Ўш вилоят ва Ўш шаҳар адлия бошқармасида бепул юридик хизмат кўрсатиш 2010-йили ташкил этилган бўлиб, ҳар йили 1500га яқин фуқарога ёрдам кўрсатиб келинган. Сўнгги 3 ой мобайнида беминнат  юрист ёрдамига муҳтож бўлганларнинг сони 350 тадан ортгани сабаб,Финландия ташқи ишлар вазирлиги  ва БМТнингтараққиёт дастури (ПРООН) томонидан ушбу хизмат марказ сифатида кенгайтирилиб янги хонага кўчириб ўтказилди.

Адлия вазирлигининг нотариал ва адвокатура бошқармаси бошлиғи Марипа Сейдалиеванинг сўзларига кўра, “Қирғизистон Республикасида ҳуқуқий ҳақиқатга эришиш” лойиҳаси асосида Адлия вазирлиги Бишкекда, Чуй вилоятининг Тўқмоқ шаҳрида ва Беловодский қишлоғида жами 3 та марказни очган бўлса, бугундан бошлаб эса  Ўш ва Қорасув шаҳарларида ҳам бепул юридик хизмат кўрсатиш марказлари ўз фаолиятини бошлади.

“Бепул юридик ёрдам кўрсатишни уюштириш ва бошқа ҳужжатларни тўлдириш бўйича кўмак кўрсатиш ташаббуси БМТ томонидан қабул қилинган. БМТ принципларида ва бошқарув позициясида юридик ёрдам – бу бошқа барча ҳуқуқларни амалга оширишнинг асоси бўлади дейилган. Бошқача айтганда тоза, адолат суд хукми, ҳақиқат ва адолат қарор топишида жамоатчиликнинг ишончи аҳамиятли кафолатдир.” –дейди, Марипа Сейдалиева.

Ушбу марказлар фуқаролар ҳуқуқлари бузилган ҳолларда ёрдам беради ва халқни ҳар қандай юридик маълумотга эга бўлишига шароит яратади. Шунингдек, аҳолининг моддий имконияти оз бўлган қатламига маълумот етказиш орқали уларни ҳуқуқий маълумотга эга бўлишига қулай замин яратилади. Фуқаролар ҳуқуқи пой-мол бўлганда уларни ҳимояга олади ва халқни ҳуқуқий маълумотга эга бўлишига ҳамда бу борада саводи ошишига ҳисса қўшади.

Келаси йилдан бошлаб, жой-жойларга бориб, кўчма беминнат юридик ёрдам кўрсатиладиган “Карвон автобуси” ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Мақола БМТТД ва Финландия ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигидаги «Қирғизистон Республикасида суд адолатидан фойдаланишни кенгайтириш” ва “Барқарор тинчликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ ҳамда адолат устуворлигини такомиллаштириш” лойиҳалари кўмагида тайёрланди.

“Биз”, 21.12.2015

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*