Асраб олинган болаларнинг шаҳси қандай аниқланади?

bala

пресса

Исмини ошкор этишни истамаган аёл бундан 10 йил аввал бир қиз асраб олган ва шу кунгача ҳеч қандай ҳужжат олмаган.

2005-йилнинг ўрталарида бир аёл 7 ойлик ҳомиласи бор қизни олиб келади ва уни шаҳар четидан олиб чиқиб икки ой боқиб беришни илтимос қилади. Аёл савоб учун деган фикрда вояга етмаган ҳомиладор аёлни тоғ томонларга олиб кетиб, ўша ерларда парвариш қилади. Орадан икки ой ўтиб, қизалоқ дунёга келади. Бу орада аёлнинг ортидан ҳеч ким хабар олгани келмайди. Туғруқхонада ҳам қараб уйга рухсат берган кечаси она боласини ташлаб ярим тунда уйдан қочиб кетади.

Шундай қилиб янги туғилган қиз қолиб кетади. Чақалоқни нима қилишни билмаган аёл қочиб кетган онанинг ортидан излаб боради. Шунда унинг онасига дуч келади, вазиятни тушунтириб, ҳеч бўлмаса боладан воз кечгани ҳақида бирор қоғоз сўраган вақтда “Бола бизга керак эмас, уни нима қилсангиз қилинг!!! Хоҳласангиз ахлатга ташланг, истасангиз пишириб енг. Унга ҳеч қанақа қоғоз бермаймиз”,- деган жавобни олади.

Шундан кейин аёл чақалоқни онасини излашда давом этади. Аёл бошқа одамга турмушга чиқиб кетгани ҳақида хабар топади.

Аёлнинг бир қиз, бир ўғли бор бўлган. Ўзи оғир ҳасталикка чалинган эди. Чақалоқни боқишга кўзи етмай уни бировга уч минг сомга сотиб юборади. Бироқ яқинларининг таъна-дашномларидан кейин уни яна қайтариб олиб келади.

Шундан кейин куёви билан маслаҳатлашган ҳолда қизни асраб олишга киришади. Туғилганлиги ҳақида гувоҳномаолиш, қизга ўз фамилиясини бериш учун бормаган ери қолмайди. Бироқ тегишли ташкилотлар унга дунёга келтирган ота – онасининг розилигисиз ҳужжат беришмайди.

Шундан кейин аёл қайтиб ҳужжат қилишга киришмайди. Қизалоқ мактаб ёшига етганда ҳам у ҳеч қандай ҳужжатсиз таниш-билиш орқали мактабга жойланади.

Шундай қилиб, ҳозирги кунда асранди қиз Қорасув районига қарашли мактабларнинг бирида 6-синфда ўқийди. Мактаб раҳбарияти аёлга ҳужжат масаласида бир неча марта эслатма берган.

Охири мактабдан ўқув йили якунигача мухлат берилади. Агар гувоҳнома олиб келмаса, қиз ўқишдан чиқарилишини айтишади.

Иложсиз қолган она “Биз”га мурожаат қилади. Мухбирларимизнинг ёрдамида аёл ижтимоий ривожлантириш бошқармасига мурожаат қилади. Бошқармаликнинг оила ва болани ҳимоя қилиш бўлими раҳбари Гулзина Раева ота-онаси томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз воз кечилган ўғил-қизларнинг шаҳси суд орқали аниқланишини маълум қилди.

“Боланинг шаҳсини аниқлашда уни ким қарамоғига олган бўлса, ўша одам чақирилади, улар маҳалла қўмитасидан, ҳудудудий кенгашдан маълумот қоғози олиб келишади. Шундан кейин бола шаҳар ёки район туғруқхонасида дунёга келган бўлса, ўша ерга ёзма  мурожаат қилиб, туғилганлиги ҳақида қоғоз олдирамиз. Ҳамма ҳужжат йиғиб суд органларига ўтказиб берамиз. Кейин болани шаҳсини аниқлаш ва фамилия бериш ишларини амалга ошириш мумкин”, – дея тушунтирди Раева.

Аёл ҳозирги кунда ҳужжатни йиғиш ишларига киришган. Суд жараёни тугагандан кейин аёлнинг бир ўғил ва бир қизи қаторига яна бир қиз қўшилиш билан бирга ўқувчи қизнинг ҳам таълим жараёни ҳам узвий давом этадиган бўлди.

Мақола БМТТД ва Финландия ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигидаги «Қирғизистон Республикасида суд адолатидан фойдаланишни кенгайтириш” ва “Барқарор тинчликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ ҳамда адолат устуворлигини такомиллаштириш” лойиҳалари кўмагида тайёрланди.

“Биз”, 21.12.2015

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*