Ногиронларга давлат томонидан қандай ёрдам кўрсатилади?

ayday

Ўш вилоятининг яшовчиси Айдай Гапарова бундан икки йил аввал автоҳалокатга учраган. Бир неча марта операция бўлгандан кейин оёғига темир қозиқ ўрнатилиб, ҳаракатлана бошлаган. Шифокорларнинг тиббий ҳулосасига кўра, унга биринчи гуруҳ ногиронлигини беришган ва ҳозирги кунда 1800 сом нафақа пули олади. Беш нафар фарзанднинг онаси ҳозирги кунда моддий ёрдамга муҳтож.

Айдай Гапарованинг мустақил ҳаракатлана олмай қолганига деярли икки йил бўлди. Машина урган вақтда оёғи етти еридан синиб, ҳозириги вақтда ҳам оёқларида тик туришига темир қозиқлар ёрдам беради.

“Уч марта операция бўлдим. Икки-уч ой касалхонада бўлдим. Куёвимнинг топганини барчаси мени даволатишга кетди. Бу йил аранг бориб оёғимни ичига ўрнатилган темирни олдириб келдим. Ҳозир ўзилар биласизлар пулинг бўлмаса касалхонада ҳеч ким сенга қарамайди. Энди яна яқин кунларда яна битта жарроҳлик амалиёти ўтказилиши керак. Унга яна пул керак. Энди қаердан топаман, билмайман”, – деди Ўзган шаҳрининг яшовчиси Айдай Гапарова.

Ўша ҳалокатда машина ичида 9 одам бўлса, ундан икки нафари оламдан ўтган. Айдай билан бирга унинг онаси ҳам ҳозирги вақтда оғир ҳолатда. Шифокорлар Айдайга 1- гуруҳ норирони деган тиббий ҳулоса чиқаришган. Бироқ унга бериладиган нафақа миқдори ҳозирги кунда  1800 сомни ташкил қилади.

“Давлат томонидан ёрдам бўлармикан деб операция бўлганимдан кейин нафақага чиқдим. 1800 сом нафақа беришар экан. Беш нафар фарзандим бор. 1800 сом ҳозирги кунда нимага етади? Болаларимга давлат томонидан бериладиган ёрдам пулини олмайман. Энг катта қизим бешинчи синфда ўқийди. Укаларига ўша қарайди. Мен ҳеч нарсага ярамай қолдим. Ҳатто ўзимнинг пайпоғимни ҳам кия олмайман, бошқасини айтмай қўя қолай”, – деди қаҳрамонимиз.

Гапарованинг умр йўлдоши Ўзгандаги Қоратош қишлоқ ҳукуматига қарашли қишлоқда ўқитувчи. Бироқ бир ўқитувчининг маоши бир оилани моддий таъминлашга етмайди.

Аёлини нафақага чиқариш учун Ўзган район ижтимоий жамғармасига мурожаат қилишган. Бироқ икки минг сомга етмаган пул бўлиб беришган. Нафақа пули етарлича ажратилса, аёлини қайта тиклашга ёрдам бўлар эдими, деган ўқитувчи, ҳозирги кунда барча маблағини аёли учун сарфлаб бўлди.

“Сизлар янги йилдан аввал топширганингизда 4400 сом ажратилар эди. Ундан кейингиларга 1800 сом берамиз. Бизда шундай қарор чиққан дейишди. Мен негадир ҳайрон қолдим. Ёки бу ерда коррупция борми деган ҳаёлга ҳам келдим. Бизга шундай деб тушунтиришгандан кейин қайтиб келавердик. Ўзи 1-гуруҳларга 4400 сом берилиши керак экан. Бизга ўшани ҳам беришмади”, – дея қўшимча қилди Айдайнинг умр йўлдоши Табилди Маматов.

Ижтимоий жамғармада ёрдам пули ҳамда нафақа ҳақида аниқ маълумот йўқ. Туғма ногиронлар бошқа ҳамда турли ҳалокатлар сабабли ногирон бўлганларга бошқа миқдорда нафақа тўланар экан. Вақт ўтиши билан белгиланган маблаққа қўшимча пул қўшилиши мумкин.

“Ишга яроқли одам турли ҳалокатлар сабабли ногирон бўлиб қолса, унинг иш тажрибаси ҳамда олган маошига қараб нафақа пули ажратилади. Маошидан ижтимоий тўловларга қанча тўлангани алоҳида эътиборга олинади. Масалан, озроқ тўлаган бўлса, нафақа ҳам оз ажратилади. Кўп тўлаган бўлса, шунга яраша маблағ олади”, – дея тушунтирди Ўш шаҳар ижтимоий фонд бошқармасининг раҳбар ўринбосари Нуркамил Болгонбаев.

“Биринчи гуруҳ ногиронлари давлат томонидан беш йилда бир марта бепул дам олишга юборилади. Қаерда дам олишни танлаш ихтиёрийдир. Шу билан бирга икки йилда бир марта тиш шифокорлари томонидан берилган тиббий ҳулоса асосида икки йилда бир марта тиш протези бепул қўйиб берилади. Ҳамда ҳар йили 700 сом миқдорида дори-дармонлар ҳам давлат томонидан бепул ажратилади. Бунинг учун керакли ҳужжатларни йиғиб, ўзи яшаётган ижтимоий ёрдам кўрсатиш жойларига мурожаат қилишлари мумкин”, деди Ўш шаҳар ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими мутаҳассиси Мавлуда Исмаилова.

Расмий ҳисобда Қирғизистонда 170 минг нафарга яқин имконияти чекланганлар бор. Уларнинг 30 мингга яқини балоғатга етмаганлардир. Улар ногиронлик гуруҳига қараб давлатдан ёрдам пули ҳамда ойлик нафақа олишади.

Мақола БМТТД ва Финландия ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигидаги «Қирғизистон Республикасида суд адолатидан фойдаланишни кенгайтириш” ва “Барқарор тинчликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ ҳамда адолат устуворлигини такомиллаштириш” лойиҳалари кўмагида тайёрланди.

“Биз” №16 (19), 27-октябрь, 2015-ж.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*